Трамп Қасим-Жомарт Тоқаевга юборган мактуб фотонусхасини Truth Social тармоғига жойлади. Мактуб матнида Қозоғистондан АҚШ бозорига етказиб бериладиган барча маҳсулотларга бож тўловларини ошириш режалаштирилаётгани қайд этилган. Бу чора АҚШнинг мувозанатлаштирилган савдога интилиши билан изоҳланган.
«2025 йил 1 августдан бошлаб, Қозоғистондан АҚШга келаётган барча маҳсулотларга, соҳавий тарифлардан ташқари, 25 фоиз миқдорида бож соламиз», — деб ёзган Трамп.
Мактубда огоҳлантириш ҳам бор: агар Остона жавоб чораси сифатида АҚШ маҳсулотларига қўшимча бож жорий этса, АҚШ томони ҳам бож тўловларини янада оширади.
Қозоғистон ҳукумати маълум қилишича, «Қозоғистон экспортининг катта қисми янги тарифлар таъсиридан мустасно бўлгани боис, бож тўловларисиз етказиб берилишда давом этади».
«Бу асосий хомашё ва стратегик товарларга — нефть, уран, кумуш, ферроқотишмалар, тантал ва титанга тааллуқли. Ҳисоб-китобларга кўра, қабул қилинган чора-тадбирлар Қозоғистоннинг АҚШга экспортининг тахминан 95 фоизига таъсир қилмайди», — деб баёнот берди Савдо ва интеграция вазирлиги. Шунингдек, Қозоғистон томони АҚШ билан ўзаро савдо шартларини яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар юборганини, ҳозирда улар Вашингтонда кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Қозоғистон АҚШга асосан нефть ва металллар экспорт қилади.
Қозоғистон президенти ҳозирча Трампнинг мурожаатига очиқ жавоб бермади.
Трамп маъмурияти божларни ошириш ҳақида яна 13 давлатга мактуб йўллаган.
Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Тунисдан келадиган маҳсулотларга 25 фоизлик тарифлар жорий этилиши мумкин.
30 фоиз — Жанубий Африка Республикаси ҳамда Босния ва Герцеговинага,
32 фоиз — Индонезияга,
35 фоиз — Бангладеш ва Сербияга,
36 фоиз — Таиланд ва Камбоджага,
40 фоиз — Лаос ва Мьянмага тааллуқли бўлиши мумкин.
«Бу — президентнинг ваколати ва ушбу мамлакатлар айнан у танлаган давлатлардир», — деди Оқ уй расмий вакили Кэролайн Ливитт журналистлар саволига жавобан.
Унинг қўшимча қилишича, яқин кунларда яна қўшимча мактублар юборилади.
Энг йирик экспортчилар — Япония ва Корея — АҚШ томонидан савдо қоидалари қайта кўриб чиқилаётгани тўғрисида аллақачон хабардор қилинган.
Bloomberg маълумотларига кўра, ўтган йили Япония АҚШга 148 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган — бу Токиони Штатлар учун бешинчи йирик импорт манбаига айлантиради.
Жанубий Корея эса 131 миллиард долларлик экспорт билан еттинчи ўринда туради.
Мавзуга алоқадор Трампнинг божлари Ўзбекистон ва минтақа давлатларига қандай таъсир қилади?
ҚОЗОҒИСТОН ВА АҚШ: САВДО МУНОСАБАТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Қозоғистон 2024 йилда АҚШга 2,3 миллиард долларлик маҳсулот етказиб берган.Бунинг асосий қисми хомашё — нефть ва металллар, жумладан уран ва кумуш.
Вашингтон Остона учун асосий савдо ҳамкори эмас.
— Қозоғистоннинг умумий ташқи савдосида АҚШ улуши 5 фоиздан кўп эмас, — дейди қозоғистонлик иқтисодчи ва R-Finance молиявий маслаҳатчиси Арман Байганов.
— Ўтган йили умумий товар айирбошлаш ҳажми тахминан 4 миллиард долларни ташкил этган. Шундан 2 миллиард доллари экспорт, бунинг 1,1 миллиард доллари нефть ҳиссасига тўғри келади.
Янги божлар нефть, кумуш, ноёб металллар каби стратегик аҳамиятга эга маҳсулотларга тааллуқли эмас — чунки улар учун истиснолар мавжуд.
Яъни, янги божлар 2 миллиард долларлик эмас, балки тахминан 100 миллион долларлик экспортга таъсир кўрсатади — асосан фосфор, ферросилиций, ўғитлар ҳақида гап кетяпти.
Байгановнинг фикрича, Қозоғистон АҚШга жавоб тарифи жорий этмайди, чунки бу иқтисодий жиҳатдан самарасиз. Чунки АҚШдан келадиган товарлар нархи ошиб кетади.
Қозоғистон АҚШдан асосан автомобиллар, эҳтиёт қисмлар, тиббий ускуналар ва дори воситалари импорт қилади.
Трамп бошқа давлатлар раҳбарларига юборган мактубларида уларни ишлаб чиқаришни АҚШда очишга чақирган, шунда улар юқори божлардан қочиши мумкин бўлади.
«Биз барча рухсат ва тасдиқ жараёнларини тез, мутахассислар даражасида ва нормал тартибда амалга оширамиз — бошқа сўз билан айтганда, фақатгина бир неча ҳафта ичида», — дейди АҚШ президенти.
Иқтисодчи Арман Байганов бу чақириқ Қозоғистон реаллигига мос келмаслигини айтди:
— Биз хомашё экспорт қиламиз, бундай шароитда у ерда завод очишимиз амримаҳол. Бу чақириқ, эҳтимол, Жанубий Корея ва Японияга тегишли, чунки улар тайёр маҳсулот, автомобил ва бошқа техника етказиб беради.
Экспертнинг фикрича, янги бож тўловларининг Қозоғистон иқтисодига таъсири жуда ҳам чекланган бўлади.
Қозоғистон ҳукумати ҳам аввалроқ — Трамп апрель ойи бошида 185 мамлакат учун янги божлар ҳақида эълон қилганида — Қозоғистон учун 27 фоизлик ставка ҳақида сўз кетганида, бундай божлар таъсири жуда оз бўлишини билдирган эди.
Апрель ойи бошларида Дональд Трамп импорт товарларига янги божлар жорий этилишини эълон қилган эди, бир неча кун ўтгач эса уларни жорий этиш вақтинча тўхтатилди.
Апрель ойи бошларида Дональд Трамп дунёдаги деярли барча мамлакатлардан олиб кириладиган товарларга 10 фоизлик бож жорий этди, айрим давлатлар учун эса бунга қўшимча тўловлар ҳам киритилди. У буни «Американинг озодлик куни» деб атади ва бу кун «Америка саноатининг қайта туғилиши, мамлакатнинг ўз тақдирига қайтиши ва янги бойиш даврининг бошланиши сифатида абадий эсда қолишини» таъкидлади.
Бироқ бозорлар бу қарорга жиддий салбий реакция қилди — биржа индекслари кескин пасайди. Нархлар тушиб кетгани ортидан Оқ уй янги божларнинг кучга киришини 9 июлгача кечиктиришини маълум қилди — бу вақт ичида бошқа давлатлар билан савдо келишувларига эришиш мақсад қилинган. Ҳозирги ҳолатга кўра, АҚШ Буюк Британия ва Вьетнам билан келишувга эришган, Хитой билан эса бир неча шартномалар тузилган. Европа Иттифоқи билан музокаралар давом этмоқда. Reuters манбаларига кўра, ҳозирча Трамп ЕИ раҳбариятига бож тўловлари ҳақидаги расмий хатларни юборишни режалаштирмаяпти.
Яқинда 14 давлатга бож тўловлари жорий этилиши ҳақидаги эълон ҳам бозорларга босим қилди — валюта ва акция нархлари пасайди. Жанубий Корея, Жанубий Африка ва Япония валюталари долларга нисбатан 1 фоиздан кўпроқка қадрсизланди, Toyota акциялари 4,2 фоизга, Honda эса 3,9 фоизга арзонлашди (Bloomberg маълумоти).
БРИКС УЧУН ОГОХЛАНТИРИШМИ?
2025 йил 6 июль куни Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган БРИКС саммитига Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин қатнашмади.
6 июль куни қабул қилинган БРИКС саммити якуний декларациясида «бир томонлама тариф ва нотариф чоралари сонининг ошиши»дан жиддий хавотир ифодаланган. Ушбу чоралар «халқаро савдони бузади, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мос келмайди, дунё савдо ҳажмининг қисқариши ва глобал етказиб бериш занжирларининг узилишига олиб келиши мумкин» деб баҳоланган. Шунингдек, бу чоралар «мавжуд иқтисодий номутаносибликларни янада кучайтириши ва жаҳон иқтисодий ривожланиши истиқболларига салбий таъсир кўрсатиши» қайд этилган. Декларацияда АҚШ ёки Дональд Трамп номи бевосита тилга олинмаган.
БРИКС саммитида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу қатнашди. У Рио-де-Жанейрода сўзга чиқиб, шундай деди:
«Остона мувозанатли ва кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда, деворлар қурмаяпти, балки кўприклар барпо этмоқда, ва барча давлатлар билан шериклик муносабатларини ривожлантирмоқда».
Қозоғистон ўтган йили БРИКСга тўлақонли аъзо бўлишдан бош тортган, бунинг ўрнига БМТни «умуминсоний ташкилот» сифатида афзал кўришини билдирган. Ҳозирда Қозоғистон — Ўзбекистон, Туркия ва яна бир қатор мамлакатлар қаторида БРИКСнинг «ҳамкор мамлакатлар» мақомига эга.