100 йил олдинги Ўзбекистон — Макс Пенсон суратларида
Ўзбеклар юз йил олдин қандай яшаган? Паранжилар йўқолиб, тракторлар пайдо бўлаётган даврни акс эттирган сураткаш Макс Пенсон объективидаги Ўзбекистон.
Макс Пенсон 1893 йилда Смоленск вилоятида яҳудий оиласида туғилган. Биринчи жаҳон уруши вақтида у Қўқонга эвакуация қилинган, у ерда аввал маҳаллий мактабда расм фанидан дарс берган, кейин эса сураткашликка қизиқиб қолган.
1926 йилда Пенсонни Марказий Осиёнинг энг йирик нашри — «Правда Востока» газетасига ишга таклиф қилишди. Унинг меҳнат фаолияти индустриаллашув ва коллективлашув даврига тўғри келди. Фотожурналист ўз даврининг муҳим воқеа-ҳодисаларини плёнкага муҳрлади.
Паранжидаги аёллар. Ўзбекистон, 1920-йиллар. Совет ҳокимияти мустаҳкамлана бориши билан Ўзбекистонда юзини ёпиб юрувчи аёллар сони тобора камайиб борди.
Тамарахоним — ўзбек раққосаси, Ўзбекистонда юзи очиқ ҳолда, паранжисиз саҳнага чиққан илк аёл сифатида машҳур бўлган.
Саводсизликни тугатиш даври-ўзбек мактабидаги дарс. 1920-йиллар. «Ликбез» — 8 ёшдан 50 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида умумий саводхонликни таъминлашга қаратилган Совет Иттифоқининг таълим лойиҳаси эди.
Фарғона канали қурилиши, 1939-йил. Колхоз ерларини суғоришга қаратилган кенг кўламли совет лойиҳаси. Амударё ва Сирдарё ҳавзасида каналлар ва сув омборлари қурилиши минтақадаги энг йирик экологик фожиа — Орол денгизи қуришининг асосий сабаби бўлади.
Пахта хирмони. 1930-йиллар. Пахта терими ва ишлаб чиқариши — Пенсон ижодида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ССР бутун Совет Иттифоқи учун асосий пахта етказиб берувчига айланиб, унинг 70 фоиз миқдоридаги эҳтиёжини таъминлар эди.
Янги териб олинган пахта ҳосили устида дам олаётган колхоз ишчиси.
Ўзбекистон, 1930-йилларнинг биринчи ярми — Сталин шахсиятига сиғиниш вужудга кела бошлаган давр.
Бухородаги кекса яҳудийлар. 1948 йилда, СССРда Сталиннинг яҳудийларга қарши сиёсат авж олган пайтда, Макс Пенсон «Правда Востока» газетасидан ишдан бўшатилди, сураткашлик лицензиясидан маҳрум қилинди ва севимли ишидан ажралди.
Ижоддан четлатилган сураткаш кўп йиллар давомида чуқур депрессияда яшади ва 1959 йилда ўз жонига қасд қилди. Унинг фотоархиви бугунги кунгача сақланиб қолган — унда тахминан 50 мингта сурат мавжуд.