Линклар

Шошилинч хабар
11 июл 2025, Тошкент вақти: 11:16

Ишдан олинган вазирнинг ўлими — Путин Россиясида нимадан дарак?


Президент Владимир Путин.
Президент Владимир Путин.

2024 йил декабрида, Россиянинг транспорт вазири ўзига тегишли Tesla автомобили ёнида, Москва атрофидаги буталар орасида отиб ўлдирилган ҳолда топилишидан роппа-роса етти ой аввал, Курск шаҳридаги терговчилар чегара ҳудудини ривожлантириш корпорациясининг собиқ раҳбарларидан бири қўлга олинганини эълон қилди.

Ҳокимият идораларининг маълум қилишича, Игор Грабин давлат бюджети маблағларидан — тахминан 19 миллиард рубл (250 миллион доллар) — Курск вилоятининг Украина билан чегараси бўйлаб қуриладиган мудофаа иншоотлари учун ажратилган маблағларни нотўғри сарфлаган.

Бу мудофаа иншоотлари орасида “аждар тишлари” деб номланган бетон пирамидалар ҳам бор эди — улар танклар ҳаракатини тўсиш ва Курскни босқиндан ҳимоя қилиш учун мўлжалланганди. Аммо 2024 йил 6 август куни украин қўшинлари барибир Курск ҳудудига бостириб кирди, бу эса Кремл учун катта шармандаликка айланди. Маълумотларга кўра, “аждар тишлари” ёмғир ва қор оқибатида емиралиб кетган.

Грабин қўлга олинганидан сўнгги ойларда бошқа раҳбарлар ҳам ҳибсга олинди, улар орасида унинг бевосита раҳбари ҳам бор. Улар субпудратчи ташкилотлардан "откат" (пора) олганликда айбланмоқда. 2024 йил декабрида Курск губернатори Алексей Смирнов истеъфога чиқди ва тўрт ой ўтиб ҳибсга олинди.

Бироқ, айтилган маблағларни ўзлаштириш пайтида Смирнов губернатор эмас эди. Ўшанда бу лавозимда Роман Старовойт бўлган — у 2024 йил май ойида Россия транспорт вазири лавозимига тайинланган эди.

Старовойт 2025 йил 7 июль куни президент Владимир Путин томонидан лавозимидан озод этилди. Орадан бир неча соат ўтиб, унинг жасади топилди. Терговчилар ҳозирча унинг ўз жонига қасд қилганини асосий фараз ҳисобламоқда.

Терговчилар президент Путин лавозимидан олганидан бир неча соат ўтиб, отиб ўлдирилган собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг жасадини олиб кетмоқда.
Терговчилар президент Путин лавозимидан олганидан бир неча соат ўтиб, отиб ўлдирилган собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг жасадини олиб кетмоқда.

Путин бошқарувидаги Россияда давлат маблағларини ўғирлаш ёки ўзлаштириш на янги ҳолат, на кам учрайдиган ҳодисадир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксинча, коррупция Путиннинг 25 йилдан ортиқ ҳукмронлиги давомида фақат авж олди.

Бироқ Роман Старовойтнинг ўлими атрофидаги мавҳумлик Россия сиёсий элитасининг диққат марказига айланди. Кўпчилик учун унинг ўз жонига қасд қилгани аниқ далил эмас. Ҳатто Путин томонидан лавозимидан бўшатилган пайтда у тирик бўлганми-йўқми — бу ҳам аниқ эмас.

Бу воқеа сўнгги йилларда вафот этган йирик давлат ёки хусусий сектор амалдорлари билан боғлиқ навбатдаги шубҳали ўлимлардан биридир. 2022 йил февралида Украинага қарши тўлиқ ҳажмдаги уруш бошланганидан бери саккиз нафардан ортиқ энергетика раҳбарлари шубҳали ҳолатда ҳалок бўлган.

Бу ҳолат Россияда ҳокимият тепасидаги элиталар — сиёсатчилар, хавфсизлик идоралари, ҳарбий раҳбарлар ва олигархлар — Украина уруши натижасида қандай тартибсизликка учраганини яққол кўрсатиб турибди, дейди Transparency International Russia ташкилотининг собиқ раҳбари Илья Шуманов.

“(Старовойт) ўлган сана ҳам, вақт ҳам номаълум. Путиннинг имзосидан олдинми? Унинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги фармон имзоланишидан олдинми?” — деди у интервьюда. — “Бу масала атрофида жуда кўп саволлар бор.”

Унинг таъкидлашича, уруш бошланганидан бери Россия элитасида маълум бир “трансформация” юз бермоқда:

“Ҳозир биз турли кланлар, гуруҳлар ўз ўйинларини ўйнаётганини кўряпмиз. Улар бир-бири билан ҳамкорлик қилмаяпти. Чунки улар учун бу — омон қолиш стратегияси”, — дейди Шуманов.

Россия Марказий банкининг собиқ маслаҳатчиси, ҳозирги кунда Carnegie Россия-Евроосиё маркази таҳлилчиси Александра Прокопенко эса қуйидагини таъкидлади:

“Бу ўлим атрофидаги ҳолат яна бир бор шундан далолат берадики, Россия ҳукумати юқори доиралари инқироз шароитида ёпиқ ва шаффофликдан узоқ бўлиб қолган.”

“Ҳеч ким ҳеч нарсани аниқ билмайди ва энг ёмони — ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олмоқчи эмас,” — дейди у таҳлилий мақоласида.

«Губернаторлар мактаби»

Курск вилоятининг мудофаа тайёргарлиги, айниқса “аждар тишлари” деб аталувчи иншоотлар ҳақидаги саволлар маҳаллий матбуотда 2023 йил охирларидаёқ кўтарила бошлаган эди.

2019 йилдан бери Курск губернатори сифатида ишлаб келган Роман Старовойт 2024 йил май ойида Путин ҳукумат таркибига олинди. Бу таьйинлов унинг маҳаллий даражадаги технократ сифатидаги самарали фаолиятининг эътирофи сифатида баҳоланди.

Транспорт вазири сифатида Старовойт автомагистраллардан тортиб темир йўлларгача бўлган йирик федерал тизимни назорат қиларди.

Транспорт вазири Роман Старовойт 2025 йил январь ойида президент Владимир Путин билан учрашувда.
Транспорт вазири Роман Старовойт 2025 йил январь ойида президент Владимир Путин билан учрашувда.

Бу вазият Роман Старовойтнинг Путиннинг болаликдан яқин дўсти бўлган миллиардер Аркадий Ротенберг билан йиллар давомида шаклланган алоқалари билан узвий боғлиқ эди.

Ротенберг ва унинг акаси ўз бойликларини қурилиш компанияси орқали орттиришган — бу компания 2014 йилдаги Сочидаги Олимпиададан бошлаб улкан маблағли давлат лойиҳаларини қўлга киритган.

Старовойт Ротенберг компанияси томонидан қурилган Керч кўприги лойиҳасига раҳбарлик қилган — бу Россия томонидан босиб олинган Қрим яримороли ва Россияни боғлайдиган, жуда қиммат ва сиёсий жиҳатдан рамзий лойиҳа эди. Украина бу кўприкни бир неча бор нишонга олган.

Россия маданиятида — хоҳ у бизнес, ҳукумат ёки жиноий муҳит бўлсин — бундай ҳимоя тизими “крышa” (том) деб аталади. Бу бирор шахс ёки ташкилот томонидан бошқасини ҳимоя қилиш ва унга “қараб туриш”ни англатади.

Старовойт Москвага ўтганидан уч ой ўтиб, украин қўшинлари Курскка бостириб кирди — қаршилик деярли бўлмагани айтилади.

Бу ҳужум натижалари икки томонлама баҳоланмоқда. У фронтнинг бошқа нуқталарида босим остида бўлган украин қўшинларини аҳволини енгиллаштирмаган, аммо Киевнинг жасурлигини намойиш қилди. Кремл учун эса бу катта шармандалик бўлди — Иккинчи жаҳон урушидан бери илк бор Россия ҳудудига чет эл қўшинлари бостириб кирди. Россия армияси охир-оқибат 11 000 нафарга яқин Шимолий Корея аскарларини жалб қилди ва украин қўшинларини ҳудуддан сиқиб чиқариш учун етти ой сарфлади.

Коррупция бўйича ҳибслар

2024 йил 9 декабр куни давлат тасарруфидаги Курск вилоятини ривожлантириш корпорациясининг бош директор ўринбосари Игор Грабин ҳибсга олинди. Ўн бир кундан сўнг, унинг бевосита раҳбари Владимир Лукин ҳам қўлга олинди. Иккаласига ҳам маблағларни ўзлаштириш айблови қўйилди.

Старовойтнинг ўринбосари бўлган, кейинроқ губернатор лавозимини эгаллаган Алексей Смирнов эса 2025 йил апрель ойида ҳибсга олинди. "Коммерсант" газетаси ва Telegram’даги “112” каналига кўра, Смирнов Старовойтга қарши кўрсатма берган.

Жами бўлиб, Курскдаги ушбу можарода тўққиз нафар киши ҳибсга олинган ёки ишда гумон қилинмоқда.

Вақт — ҳал қилувчи омил

2025 йил 7 июль куни соат 09:20 да Кремль Роман Старовойтнинг Транспорт вазири лавозимидан бўшатилганини эълон қилди.

Соат 16:00 га яқин, Россия хавфсизлик идораларига яқинлиги билан танилган Telegram каналлар Старовойт ўлгани ва у эҳтимол ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар беришди.

Тахминан 16:20 да Россия Тергов қўмитаси расман Старовойтнинг ўлими ҳақида маълумот берди. Унинг жасади Москва атрофидаги Одинцово туманидаги автостоянкада шахсий автомобили — Tesla’си ичида топилган. «Асосий версия — ўз жонига қасд қилиш», дейилади баёнотда.

"Аждар тишлари" деб аталувчи танкка қарши мудофаа иншоотлари Украина бўйлаб, шунингдек, Россиянинг айрим ҳудудларида, жумладан Курск вилоятида ҳам кенг тарқалган.
"Аждар тишлари" деб аталувчи танкка қарши мудофаа иншоотлари Украина бўйлаб, шунингдек, Россиянинг айрим ҳудудларида, жумладан Курск вилоятида ҳам кенг тарқалган.

Бироқ, ушбу воқеадан кейинги соатларда Старовойтнинг жасади қаерда топилгани борасида турли зиддиятли хабарлар пайдо бўлди — унинг жасади машина ичидами ёки автостоянка ёнидаги буталар орасида топилганми, аниқ эмас. Воқеани янада тушунарсизроқ қилган жиҳат — у аслида бир кун олдин ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар бўлди.

Forbes Russia нашрининг ёзишича, Старовойт 5–6 июль кечасидаёқ вафот этган бўлиши мумкин. Бир машҳур депутат эса у “анча аввалроқ вафот этган” деб баёнот берган.

Агар бу рост бўлса, Кремль учун жиддий муаммо юзага келади: Путин Старовойт аллақачон вафот этганини била туриб, уни ишдан бўшатиш ҳақидаги фармонни имзолаган ва эълон қилганми?

Кремлга яқин сиёсий таҳлилчи Сергей Марков бунинг ортида Старовойтни бошқа амалдорларга қарши кўрсатма беришдан тўхтатиш учун ўлдиришган бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди.

XS
SM
MD
LG